
Ўзбекистонда бодом етиштиришнинг аҳволи ва истиқболлари
Ўзбекистон ҳудудида бодом жуда қадимдан етиштириб келинади. Мамлакатимизда унинг 5 тури мавжуд. Улардан биттаси-ширин мағизли бодом (A.communis L.) экилади, қолганлари ёввойи ҳолда учрайди. Ўзбекистоннинг денгиз сатхидан 1000-1200 м гача бўлган тоғли ҳудудларида (Фарғона водийси, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятларида) ўстирилади. Мевасининг мағзи ноёб озиқавий хусусиятга эга, витаминлар ва микроэлементлар манбаи ҳисобланади.
Ўзбекистонда бодомни мевали дарахт сифатида маданийлаштириш ишлари кенг миқёсда олиб борилмаган. Бодомзорлар асосан ўрмон хўжаликларида барпо этилган, улар жуда қалин экилиб, асосан эрозияга қарши кураш вазифасини
ўтаган. Кўпгина холатларда бодом эрозия ва тупроқ кўчкиси хавфи бўлган тик қияликларда экилган. Бундай зич экилган ихота дарахтзорлари амалда ҳосил бермаган. Бодом етиштириш технологияси, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ва селекция ҳамда уруғчилиги йўналишида илмий-тадқиқот ишлари ўрмон бодомзорлари устида олиб борилган, улар экспедицион ва мониторинг кўринишида бўлган. Маданий бодомчилик бўйича амалий ва инновацион тадқиқотлар кам бажарилган. Айрим кичик бодомзорларни ҳисобга олмаганда, катта майдонларда мевали бодом плантациялари барпо этилмаган. Соҳанинг экспорт имконияти юқори бўлсада, ундан фойдаланилмай келинган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳукумати боғдорчиликни ривожлантиришга катта аҳамият бериб келмоқда, хусусан ёнғоқ мевали экинлар, шу жумладан бодомга катта эътибор қаратилган. 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда ёнғоқчиликни ривожлантириш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда бўлган бодом ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий бодом плантацияларни барпо қилиш ҳамда бодом бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш борасидаги вазифалар белгилаб берилган. Мамлакатимизнинг тоғли ҳудудлари иқлим шароити ёнғоқ, писта ва бодом каби дарахт кўчатларининг ўсиши ва юқори ҳосил бериши учун нисбатан қулай жойлар ҳисобланади. Жумладан, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент каби вилоятларда бу каби дарахтлардан мўл ҳосил олиш мумкин.
2017 йили июнида Ўзбекистонда 2017-2020 йилларда бодом ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича давлат дастури қабул қилинган. Ушбу дастур 4 та босқични қамраб олган:
- биринчи босқич (2017-2019 йиллар) бодом кўчатларини республикага олиб келиш;
- иккинчи босқич (2018-2019 йиллар)-бодомни пайвандлаш учун пайвантагларни келтириш:
- учинчи босқич (2020 йил) - лаборатория шароитида бодомнинг тегишли минтақа табиий-иқлим шароитларига мос юқори ҳосилдор навларни ишлаб чиқариш;
- тўртинчи босқич (2018-2020 йилларда) - бодом етиштириш ва уни ички ҳамда ташқи бозорда сотишни йўлга қўйиш.
Бодом плантацияларини барпо этиш учун қарийб 5 минг гектар ажратилган. Республика бўйича Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида бодомзорлар барпо этилди. Шу сабабли, Ўзбекистонда бодом дарахтини биологияси ва экологиясини ўрганиш, унинг замонавий инновацион технологияларга асосланган агротехникасини яратиш, айниқса уни зарарли организимлардан ҳимоя қилиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Республикамизнинг тоғ ва тоғ олди адир майдонларида жуда катта ҳудудларда бодомзорлар ташкил этиш имконияти мавжуд. Иссиқсевар қурғоқчиликга чидамли бодомни йиллик ёғингарчилик миқдори 600 мм дан кўп бўладиган майдонларда суғормай ҳам ўстириш мумкин. Ёғингарчилик миқдори 400-500 мм бўлган ҳудудларда бодомни суғориш талаб этилади. Бодом қумоқ ва бўз тупроқларда яхши ўсиб ҳосил беради. Унумдорлиги паст тупроқларда ҳам ўсади, лекин бундай шароитда юқори агротехникани талаб қилади. Бодомзорларни барпо қилишда навларни тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ ҳўжалик экинлари Давлат реестрига 2021 йил бодомнинг Бумажноскорлупый (1967, Россия), Зарина (2015, Ўзбекистон), Малика (2011, Ўзбекистон), Первенец (1967, Ўзбекистон), Туркменский светлый (1974, Туркманистон), Угамский (1982, Ўзбекистон), Ялтинский (1967, Россия) каби
махаллий ва хорижий навлари киритилган. Ўзбекистонда бодомнинг АҚШ, Ғарбий Европа, Қрим, Туркманистон ва бошқа хорижий мамлакатлардан келтирилган
навлари синаб кўрилди. Улардан дунё бодом бозори талабларига жавоб берадиган серҳосил, хуштаъм мағизли, қурғоқчилик ва эрта баҳорги совуқга чидамли, бизнинг табиий шароитимизга мослашган ҳосилдор истиқболли навлари ажратиб олинди. Бундай навлардан Қрим (Россия), Никита кечпишари (Россия), Пример, Никита 62 (Россия), Туркман аъзоси (Туркманистон), Нонпарез (Франция), Дрейк ҳамда Нонпарел (АҚШ) ва бошқалар шулар жумласидандир.
Академик Махмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг Бўстонлиқ тоғ илмий- тажриба станциясида яратилган бодомнинг Малика (муаллифлари А.Абдурасулов, В. Оқилов, Ш. Оқилов) ва Зарина (муаллифлари А.Абдурасулов, В. Оқилов, Ш. Оқилов) навлари ҳам юқори
ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Ушбу навлар республикамизнинг барча ҳудудларида экиш учун тавсия этилган. Бодомни маҳаллий Малика нави (Никитинский поздноцветущий ва Миндал персик 9 навларини чатиштириш орқали олинган), ўртапишар нав (сентябрь ойининг ўрталарида пишади), мева вазни 2,2 г таъм баҳоси 4,7 балл, совуқга чидамли, мағизининг чиқими 47%, қанд миқдори 59,8% ни ташкил қилади. Ҳосилдорлиги гектаридан 10,8 ц/га (битта дарахтдан 2,5 кг), касалликларга чидамли нав. Бодомни маҳаллий Зарина нави эркин чангланган маданий нав уруғ кўчатидан олинган. Кечпишар нав (сентябрь ойининг учинчи
ўн кунлигида пишади) мева вазни 6,6 г, таъм баҳоси 4,9 балл, мағзи ширин, мой чиқими 59,7%, ҳосилдорлиги гектаридан 14,3 ц/га (битта дарахтдан 2,73 кг), касалликларга чидамли нав. Бодом асосан уруғ орқали кўпайтирилади, лекин бу усулда кўпайтирилганда яҳши ҳосил бермаслиги маълум. Шу сабабли бодомни пайвандлаш йўли билан етиштириш тавсия этилади.
Бодомни маданий навларини етиштириш учун оддий бодом пайвантаг ҳисобланади. Бодом дарахтига хос хусусият бу унинг мевали дарахтлар ичида жуда эрта гуллаши. Одатда бодом феврал ёки март ойининг бошларида гуллайди. 2022 йил Ўзбекистонда бодом ҳатто январ ойининг охирида ҳам гуллади. Ушбу дарахт мевали дарахтлар ичида баҳор даракчиси ҳисобланади. Шу билан бирга, иқлим шароити кескин ўзгарувчан ҳудудларда, айниқса тоғ ва тоғ олдида жойлашган бодомларни генератив органларига эрта баҳорги совуқлар жиддий зарар етказади. Эрта баҳорги совуқлар нозик бодом гулларини зарарлаш хавфи ҳамма вақт мавжуд. Масалан, 2021 йили республикамизнинг жанубий ҳудудларида бир қисм ҳосил совуқ уруши натижасида нобуд бўлди. Иқлимнинг глобал ўзгариши ва аномал об-ҳавони намоён бўлиши тез-тез такрорланиб турибди. Шуни инобатга олган ҳолда республикамиз олимлари кечки гуллайдиган бодом навларини тавсия қилмоқдалар.
Гуллаган бодом дарахтларини эрта баҳорги совуқлардан ҳимоя қилишнинг бошқа амалий чоралари йўқ. Ўзбекистон ҳудудида бодомзорларни ташкил қилишда ҳаво яхши алмашиб турадиган ва совуқ ҳаво қамалиб қолмайдиган ҳамда ҳаво намлиги юқори бўлмайдиган жойлар танланиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, совуқларга бардошли навларни танлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бодомдан юқори ҳосил олиш учун четдан чанглатиш муҳим. Ўзидан чангланганда ҳосил миқдори кам бўлади. Шу сабабли, битта майдонга 2-3 хил навни экишни тавсия этилади. Республикамизнинг тоғ ва тоғ олди ҳудудларидаги адир
майдонларда бодомзорларни ташкил қилиш фермерлар ва аҳоли учун қўшимча даромад келтиради, шу билан бирга ер майдонларини эрозияга учрашини камайтиради. Бодом етиштириш бир қатор афзалликлар эга. Бодом дарахти 3-4 йиллик бўлганда ҳосилга киради, тўлиқ ҳосилга 10-15 ёшдан 30- 35 ёшгача киради. Яхши парвариш қилинганда 60-100 ёшгача ҳосил беради. Ҳар бир туп бодомдан 4-5 кг дан 20-40 кг гача ҳосил олиш мумкин. Бодом меваси август- сентябрь ойларида пишиб етилади. Уни сақлаш ва экспорт қилиш қулай. Бодом бошқа мевали дарахтлардан фарқ қилиб, турли тупроқ шароитларига жуда тез мослашади. У бошқа мевали ўсимликларга қараганда касаллик ва зараркунандаларга нисбатан чидамли ҳисобланади. Бодом учун булоқ сувларидан суғориладиган, тоғ ён бағирларидаги қия майдонлар мос келади. Гарчан, бодом қурғоқчиликга чидамли ўсимлик бўлсада, суғориш уни ўсиши, ривожланиши, ҳосилини шакилланишига ижобий таъсир кўрсатиб, ҳосилини оширади. Бодомни суғоришни илғор усули томчилатиб суғориш ҳисобланади, бу усул қўлланилганида ҳар бир дарахт учун меъёрдаги сув билан таъминлаш имконияти бўлади. Кейинги йилларда “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси” раҳбарияти ва мутахассислари саъи-ҳаракатлари туфайли республикамизнинг турли ҳудудларида бодомзорлар ташкил қилинди. Мамлакатимизда кейинги йилларда бодом майдони кенгаймоқда ва ҳосил ҳажми ҳам ошмоқда. Агар 2020 йили мамлакатимизда бодом майдони 8,8 минг гектар, гектаридан 9,7 тонна ҳосил олинган бўлса, 2021 йили унинг майдони икки баробарга ошди ва 15,7 минг гектарни ташкил қилди ҳамда гектаридан 9,8 тонна ҳосил олинди.
2021 йил ўзбек бодоми дунёнинг 34 мамлакатига экспорт қилинди, энг кўп ҳажмда Қирғизистон Респупликаси - 485 тонна, Францияга - 260 тонна, Қозоғистонга -191 тонна, Бирлашган Араб Амирлигига - 174 тонна, Италияга - 74 тонна жўнатилди. Ҳаммаси бўлиб 1520 тонна, 6,7 млн АҚШ долларлик бодом экспорт қилинди. Шу билан бирга, дунёнинг 17 мамлакатидан 359 тонна 1,1 млн. АҚШ доллари ҳажмида импорт ташкил қилди. Яъни, Афғонистондан 122,6 тонна, Озорбайжондан 42,7 тонна, Кореядан 38,5 тонна, Ирландиядан 37 тонна, Хитойдан 33,6 тонна бодом
импорт қилинди. Ўзбекистонда истиқболда бодом майдонларини кенгайтириш,
унинг самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган бодом ишлаб чиқариш ҳажмини ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига замонавий бодом плантацияларини барпо қилиш ҳамда бодом етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар интенсив ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш борасидаги амалий вазифалар бажарилмоқда.
Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана
©2017 - 2019 All Rights Reserved