
ЁНҒОҚЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРМОҚДА
Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида ёзишича, ёнғоқ меваси инсон саломатлиги учун кони фойда, айниқса организм учун зарур бўлган Е витаминига бой, мия фаолияти тўқималарини эса озиқавий миқдорларини тартибловчи воситадир. Унинг таркибида C, B1, B2, PP витаминлари, каротин, ошловчи моддалар, хинонлар ва эфир мойи, темир ва кобальт тузлари ҳамда рух моддаси мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар кунига 2 та ёнғоқ истеъмол қилинса, хотира анча яхшиланади. 4 та ёнғоқ истеъмол қилинса, организмни антиоксидантлар билан кучлантиради, иммунитетни ва ҳужайралар ҳимоясини яхшилайди.
Демак, ёнғоқ ҳақида гап кетар экан, мамлакатимизда унинг етиштирилиши, парвариши ва тайёр ҳолга келтирилиши билан боғлиқ бўлган биологик жараёнлар ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Шу маънода ёнғоқ, бодом ва пистанинг ушбу жиҳатлари инобатга олиниб бугунги кунда мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган тизимли чора-тадбирларнинг самарадорлигига алоҳида аҳамият қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш
ва фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги Қарорининг туб моҳиятида мазкур соҳадаги туб ислоҳотларни янги босқичга чиқаришдек эзгу мақсадлар мужассамлигини кўришимиз мумкин. Ушбу қарор асосида бугунги кунда Республикамиз ҳудудида ёнғоқ, бодом ва писта етиштиришда замонавий технологиялар ва навлардан самарали фойдаланиш, лалми ерлардан унумли фойдаланган ҳолда, замонавий ёнғоқ, бодом ва писта плантацияларини барпо қилиш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Боғ барпо қилишдан ҳам кўра ёш ниҳолларни қуритмасдан амал олдириш, тўғри парвариш қилиш ва ҳосилга киритиш ҳамда самарали ҳосил олиш осон эмас. Ҳар бир қадалган кўчатга алоҳида парвариш ва тегишли агротехника тадбирларини амалга ошириш талаб этилади. Бу бўйича бугунги кунда юртимизда аграр тармоқнинг ажралмас қисми ҳисобланган боғдорчилик соҳасида анча-мунча тажрибалари амалиётга жорий этилмоқда. Бундан 4 йил олдин Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташаббуси билан ёнғоқчилик соҳасига қўйилган қадамлар бугун ўз мевасини беришни бошлади. Айни кунгача уюшма тавсияси асосида аъзо фермерлар ва ташаббускорлар томонидан республика бўйича жами 10 000 гектардан ортиқ тоғ олди ва лалми ер майдонларида интенсив, совуққа чидамли ва серҳосил ёнғоқ, писта ва бодом плантациялари барпо этишга эришилди. Барпо этилган мазкур интенсив боғларини сув билан таьминлаш масаласи эса инновацион ёндашувларни ўз ичига олади. Яъни, юқори технологияли томчилатиб суғориш тизими асосида замонавий технологиялар жорий этилди. Фикримизни биргина Самарқанд вилояти мисолида давом эттирадиган бўлсак, 2017 йилда Жомбой тумани Шерқўрғон ҚФЙ Навбаҳор қишлоғида “SAG AGRO” МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган лалми ер майдонлари танланиб, 500 гектар интенсив ёнғоқзор барпо этилган эди. Мазкур ер майдонига агротехник ишлов берилиб, АҚШ ва Туркиядан келтирилган “Chandler” кўчатлари экилди. Ҳозирги кунда мазкур замонавий боғ плантациясида кўчатлар агротехник талаблар асосида парвариш қилинганлиги ва минерал ҳамда органик ўғитлар билан бир меъёрда озиқлантирилган ҳолда интенсив томчилаб суғориш тизими орқали суғорилганлиги боис, боғдаги кўчатлар ривожида тўлиқ самарадорликни кузатишимиз мумкин. Мазкур ёнғоқ плантациясида кўчатларнинг интенсив ва серҳосил навларидан экилганлиги сабабли 100 мингдан ортиқ кўчат ўз вақтида кўкариб, айримлари биринчи йилданоқ ҳосилга кирганлигини ҳамда иқлим шароитимизга тўлиқ мослашганлиги натижасида танаси йўғонлашиб ўсиб бораётганлиги кузатилмоқда. Жорий йилдан ушбу боғдаги ёнғоқ кўчатлари тўлиқ ҳосилга кириб, ҳар бир кўчатлардан ҳосил йиғиб олиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур тизимдаги ишларнинг давоми сифатида 2018 баҳорида Пайариқ туманида « SAG AGRO PAYARIQ» МЧЖ ташкил этилди. Ушбу боғнинг майдони 500 гектарга яқин бўлиб, бу ерда ҳам тўлиқ хориждан келтирилган интенсив кўчатлар параваришланмоқда. Булунғур туманида эса «SAG AGRO BULUNG’UR» МЧЖ томонидан 800 га ер майдонида замонавий ва томчилатиб суғориш тизими орқали ёнғоқ плантацияси барпо этилди.
Шунингдек, 2018 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ташкил этилган “SAG AGRO JARQORG’ON” МЧЖ томонидан 1600 га ер майдонида замонавий усулда бодом плантациялари барпо этилиб, бодомнинг серҳосил “Guara” ва “Avijor” навлари экилган эди. Етук мутахассислар ва илмий тажрибалар асосида парваришланаётган 4 йиллик бодом кўчатлари бугунги кунда тўлиқ ҳосилга кирган ва ҳар бир туп кўчатлардан ҳосил олинмоқда. Бундан ташқари Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида “SAG AGRO G’ALLAOROL” МЧЖнинг 800 гектардан ошиқ лалми майдонларида ҳам ёнғоқ плантацияси, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида эса “SAG AGRO YAKKABOG’” МЧЖ томонидан 500 гектардан ортиқ майдонларида ҳам ёнғоқ кўчатлари бугун барқ уриб ривожланиб ҳосил бермоқда.
Маълумки, илдиз тизимидан тортиб то бутун танасигача соғлом бўлган ҳар қандай кўчатларга тегишли агротехник тадбирлар қўлланилса узоқ яшайди ҳамда соғлом ва сифатли мевалар беради. Замонавий ёнғоқ ва бодом боғларини барпо этишнинг асосий шартларидан бири ҳам шу. Уюшманинг бош мақсадларидан бири бўлган интенсив кўчатлар етиштириш орқали замонавий ёнғоқ ва бодом боғларини кўпайтириш, экспортбоп ёнғоқ ва бодом маҳсулотларини ишлаб чиқаришдир. Бугунги кунда олдимизга қўйган ушбу лойиҳаларимиз ўзининг илк натижаларини кўрсата бошлади. Демак, ёнғоқчиликни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Лекин олдимизда янада масъулиятли вазифалар ва янги марраларни забт этиш турибди. Яқин йилларда уюшма аъзоларининг 10 000 гектардан ошиқ майдонларидаги ёнғоқ ва бодом кўчатларини тўлиқ ҳосилга киритиш орқали Ўзбекистонда мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун янги янги илмий ва тажрибалар асосидаги имкониятларимизни ишга соламиз.
Тухтамурод Маматов,
Уюшма ахборот хизмати раҳбари
Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана
©2017 - 2019 All Rights Reserved