UzNuts

Ёнғоқ қурти

Ўзбекистонда кенг тарқалган бу зараркунанда ёнғоқ мевасини 50-60% гача нобуд қилиши мумкин. Бундан ташқари ёш новдаларнинг ўзагини кемириб, қуритиб қўяди ва келгуси йил ҳосилини кескин камайтириб юборади. Зарарланган ёнғоқ мевасининг пўсти қорайиб қолади, ундан қипиғ чиқиб туради.
Қуртнинг катталиги 14-16 мм, қизғиш ёки яшил-қўнғир рангли. Ёнғоқ қурти пилла ичида, ёнғоқ дарахти танасида пўстлоқ ёриқларида қишлайди. Кўкламда бодом гуллаган даврда, қуртнинг капалаклари учиб чиқа бошлайди. Бу муддат кўпинча март ойининг охири, апрелнинг бошига тўғри келса, республикамизнинг тоғ-тоғолди минтақаларида капалакларнинг учиши 12-15 кун кечроқ бошланади. Мавсумда 2 марта авлод беради. Иккинчи авлод қуртлари ёнғоқ пўсти қотганда чиқади ва кўпинча новдаларни зарарлайди. Қурт озиқланиш жойларини ковак қилиб кемиради ва ахлатини ташкарига итариб чиқаради.
Кураш чоралари. Ёнғоқ қуртига қарши биринчи марта ишлов бериш олма қуртига қарши қўллаш муддатларида ўтказилади. Энг мақбул муддат ёнғоқ дарахтлари кучала чиқаргунча, яъни сирғалар очилишидан олдин ўтказилганидир. Бунда карбофос, золон (100 л сувга 300 г ҳисобида) ва пиретроид препаратлар қўлланилади. Томорқа шароитида тамаки қайнатмасидан фойдаланиш ҳам мумкин.
Бундан ташқари июнь ойининг ўрталарида ёнғоқ дарахтлари танасига қат-қат букланган қоғоздан ёки каноп матодан қилинган белбоғлар боғлаб қўйилади. Белбоғлар эни 25-30 см бўлиб, дарахт танаси ва йўғон она шохларига ердан 1,5-2 м баландликда боғланади. Белбоғлар ҳар 5-6 кунда кўздан кечирилади, тўпланган ёнғоқ қуртлари териб олинади ва 40-50 см чуқурликка кўмиб ташланади.

Тўхтамурод Маматов, ахборот хизмати раҳбари, агроном

Мурожаат учун телефонлар: +998915206854

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана