UzNuts

Ёнғоқ кўчатини пайвандлаш.

 Ёнғоқ кўчатларини пайвандлаш ўта маъсулиятли ва билим ҳамда тажриба талаб қиладиган жараён ҳисобланади. Ёнғоқ кўчатлар доимий ўсадиган майдонга – суғориладиган (шароитда) икки ёшлигида, лалми ва адир майдонларга бир ёшлигида кўчириб ўтказилади. Одатда йиллик кўчатнинг асосий шохига қилинган пайванд яхши тутмайди. Шу сабабли у баҳорда илдиз бўғизидан кесилади. Кесилган жой атрофидан бир йиллик новдалар ўсиб чиқади. Булардан битта бақувват новда қолдирилиб, қолганлари кесиб ташланади. Ушбу новдага қилинган пайванд яхши тутиб кетади. 

Ёнғоқ  пайванд пичоғи билан новданинг ҳалқа шаклида кесилган куртакли пўсти пайванд қилинади. Бу пичоқнинг бир-биридан 35 мм оралиқдаги, ўзаро ёндош жойлашган иккита тиғи ва дастаси бўлади.

 

Пайванд қилиш учун дастлаб Бекичев пичоғи ёрдамида новданинг пўстлоғи иккита ҳалқа шаклида тилинади, кейин махсус пайванд пичоғи билан ҳалқанинг узунасига тилинади. Пичоқ билан новданинг пўстлоғи ажратилади ва ўрнидан эҳтиётлик билан ёнига ва тепага қараб бир оз силжитилади. Шундан кейин Бекичев пичоғи ёрдамида пайвандустнинг пўстлоғи ҳам доира шаклда кесилиб, унинг куртакка қарама-қарши бўлган томони узунасига тилинади.

Ҳалқадан кесиб олинган пўстлоқ жуда эҳтиётлик билан новдадан ажратиб олинади. Новдадан куртаги билан ажратилган пайвандуст тезда кесилган, пўстлоғи шу вақтда олинган пайвандтакка уланади, уланган жой махсус тайёрланган пайвандни ўраш плёнкаси орқали яхшилаб ўраб қўйилади.

Пайванд жойлашиб куртак ҳаракатлангандан сўнг плёнка ечиб ташланади боғ мойига хўлланган дока билан боғлаб қўйилади. Бу мойни тайёрлаш учун (вазнига қараб) 15 хисса канифол, 7 хисса мум ва бир хисса оқ ёғ солинади. Қайнаб турган аралашмага солинган дока совутилгандан кейин, эни бир сантиметрлик тасма қилиб кесилади.

Вегетатив кўпайтиришнинг энг яхши усули – пайванд қилиш. Ниҳоллар икки ёшида пайванд қилинади. Яхши парвариш қилинганда бир ёшли ниҳолларни ҳам пайванд қилиш мумкин. Пайвандўст оналик плантациялардан ёки қимматбаҳо навлардан тайёрланади. Оналик дарахтлар эрта баҳорда шира ҳаракати бошлангунга қадар шохларни кесиш орқали ёшартирилади (пайвандўст олинадиган новдаларнинг ўсишини тезлаштириш учун). Пайванд учун бир йиллик новдаларнинг ўрта қисмидаги яхши ривожланган куртаклар ажратиб олинади. Қаламчалар новданинг асосида 2-3 бўғин қолдириб кесилади. Қаламчалардаги барг банди 0,5 – 1 см қолдириб кесилади ва оқар сувга ботириб қўйилади. Ёки махсус совиткичларда сақланади. Мамлакатимиз шароитида пайвандлаш ишлари июнь ойининг бошларидан август ойининг ўрталаригача олиб борилади. Пайвандлаш эрталаб соат 10 – 11 ларда ёки кечқурун соат 6 дан кейин бажарилади. Ишлаётганда кесилган ва яланғочланган жойларга қўл билан тегиш мумкин эмас. Ишни диққат билан имкон қадар зудликда бажариш керак. Пайванд ердан 5 – 10 см баландликка ва имкон қадар шарқ томонга қўйилиши керак. Тўғри тўртбурчак пайванд қўйиш учун махсус (икки юзли) пичоқ ишлатилади. Пичоқнинг икки юзи параллел равишда бир- биридан 3 – 3,5 см оралиқда жойлашади ва тананинг ярмигача кўндаланг иккита кесик ҳосил бўлади. Кейин икки ёнидан кесилади. Шунда тўғри тўрт бурчак кесик ҳосил бўлади. Шу жойга худди шу ўлчамдаги пайвандўст жойлаштирилади. Куртак тўғри тўртбурчакнинг ўртасида тушиши шарт. Т шаклдаги пайванд қилиш учун оддий пайванд пичоғи билан пайвандтаг Т ҳарфи шаклида (кўндаланги 1,5 – 2, бўйи 3 – 3,5 см) кесилади. Худди шу пичоқ билан пайванд куртаги (эни 0,8 – 1,5, узунлиги 3 – 3,5 см) кесиб олинади. Қаламчадан кесиб олинган куртак Т шаклда кесилган жойга ўрнатилади (имкон қадар тезроқ бажарилади). Пайванд қилинган жой 15 – 20 кунда бирлашиб (битиб) кетади. Шундан сўнг боғлам юмшатилади ёки олиб ташланади. Пайванд қилингандан кейин икки ҳафта ўтгач тасма олиб ташланади. Келаси йили баҳорда кўкарган кўчат туташтирилган жойининг 15 см юқорисидан кесиб ташланади, бу билан унинг ўсиши тўхтайди. Кейин ёввойи бачкилари буталанади, июл ойида эса суянчиқлари ҳам кесилиб ташланади. Шундай қилиб, ёнғоқчиликни ҳозирги ривожланишида ва уни ҳосилдорлигини оширишда ҳамда мева сифатини рақобатбардошлигини таъминлашда уни экспорт салоҳиятини оширишда кўчатларни пайвандлаш ишини тўғри ташкил қилиш, ундаги пайвандтаг ва пайвандўстни тўғри танлаш ҳамда пайванд қилинган кўчатларни агротехнологик талабларга мос равишда парваришлаш талаб этилади. Албатта, бу борада дунё ёнғоқчилик ривожланган мамлакатларида (АҚШ, Туркия, Украина, Россия, Хитой, Чили ва бошқа) катта билим ва тажриба тўпланган. Уларни мамлакатимиз шароитида ўрганиб, кенг жорий қилиш ёнғоқчиликни ривожланишига ва маҳсулот сифатини яхшиланишига олиб келади.

 

                                                                                   UZNUTS ахборот хизмати

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана