
ПИСТА дарахти.
Хандон писта — пистадошлар оиласига мансуб бута ёки дарахтлар туркуми, ёнғоқмевали дарахт. 300 йилгача яшайди. 20 дан ортиқ тури бор. Жанубий Европа, Ғарбий, Ўрта ва Шарқий Осиёда, Шимолий шарқий Африка ва Марказий Америкада ўсади. Ўрта Осиёда ёввойи ҳолда ўсадиган чин П. (P. vera) ва тўмтоқ баргли Писта (P. mutica) турлари бор. Бўйи 2,5—10 м, шох-шаббаси тарқоқ, 10—12 м кенгликда. Писта икки уйли ўсимлик, —40° совуққа чидайди. Апрел май бошларида дастлаб эркак, сўнгра урғочи дарахтлари гуллайди, гули мураккаб рўваксимон тўпгулдан иборат, шамол ёрдамида чангаланади. Меваси бир уруғли данак (писта). Пистаси август — сентябрда пишади. Қобиғи юпқа, қаттиқ, етилганда баъзан учидан ёрилади. Писта лалми ерларда 10—12, суғорма ерларда 7—8-йили ҳосилга киради. Ёввойи ҳолдагилари 15 кг гача, пайванд қилинган 8—10-йиллик дарахтлари 30—45 кг мева беради. Уруғидан ва пайвандлаб, бачкисидан пархиш қилиб кўпайтирилади. Писта ёғочи дурадгорликда қадрланади. Ўзбекистонда пистани экиб ўстириш ишлари 1937 й. дан Боботоғ (Сурхондарё вилояти) тоғларида бошланган, Каттақўрғон сув омбори атрофларида 2 минг га дан ортиқ пистазорлар ташкил этилган. Ўзбекистон ўрмончилик и. т. институтида, пистанинг 6 нави яратилган, 30 дан ортиқ писта навлари коллекцияси барпо этилган.
Бугунги кунда пистани Республиканинг деярли барча худудида етиштиришмоқда!
@UzNuts axborot xizmati
Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана
©2017 - 2019 All Rights Reserved