UzNuts

МУТАХАССИС МАСЛАҲАТИ

Ёнғоқ мевахўри ҳақида

Ижтимоий тармоқлар орқали боғдорчилик билан шуғулланувчи фермерлардан келган саволларга жавоб берамиз.

Савол: Ассалому алайкум! Ёнғоқ мевахўри ҳақида маълумот бера оласизми? Ёнғоқ дарахтига, асосан мевасига қайси заракунандалар зарар етказиши мумкин?

Жавобни Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари, агроном Тўхтамурод Маматов беради:

 Ва алайкум асалом. Ёнғоқ мевахўри –ёнғоқнинг асосий зараркунандаси. 
Капалагининг катталиги 10 мм, қанотини ёзганда 23 мм га етади, туси кулранг, орқа жуфт қанотлари оч кулранг, тиниқ. Тухуми 0,5 мм, ранги оқ, шакли гумбазсимон. Қурти оч пушти тусда, боши ва елкаси қўнғир, гавдаси сийрак лекин узунроқ қилчалар билан қопланган, узунлиги 15-16 мм келади. Ғумбаги 10-11 мм, жигарранг, учи тўмтоқ, тикансиз, зич оқ пилла ичида жойлашади.

Ёнғоқ мевахўри етук қурт ёки ғумбак шаклида зич оқ пилла ичида турли пана жойларда қишлаб қолади. Апрелда капалаги учиб чиқади. Урғочи зотлари урчиб тухумини мева тугунчаларининг устига 1-2 тадан қўяди.

Очиб чиққан қурт ёнғоқ ичига кириб, у билан озиқлана бошлайди. Биридан чиқиб иккинчисини ҳам шикастлаши мумкин. Баъзан бир ёнғоқнинг ичида бир нечта қурт бўлиши ҳам мумкин ёки ёнғоқ мевахўри ва олма мевахўрининг қуртлари биргаликда зарарлаши мумкин.

Қурт кирган тешик олдида чиқинди ахлатлари кўриниб туради, қурт шикастлаган ёнғоқнинг ёнлик эти қисман қорайиб, қурий бошлайди. Ёнғоқ мевахўри ҳар йили бирдай зарар келтиравермайди. Кучли ривожланган йиллари унинг таъсирида 90% гача ҳосил нобуд бўлади.

???? Ёнғоқ мевахўрига қарши кураш тўкилган меваларни йиғиб олиб, дарахт остига агротехник ишлов беришдан бошланади. Ёнғоқ дарахти йирик (баланд) бўлганлиги сабабли унга сифатли пуркаш ишловини бериш қийин бўлади, шунинг учун мумкин қадар бошқа усул ва воситалардан фойдаланиш керак.

Масалан, инсектицидлар билан заҳарланган алдамчи белбоғни дарахт танасига боғлаш. Бунинг учун турли матолардан 15-20 см ли белбоғ ясалади ва бирор кимёвий воситанинг сувдаги эритмасига шимдириб дарахтга боғлаб қўйилади. Буни май ойида бажариш лозим.

Шунингдек, олма қурти 30 турдан ортиқ мевали дарахтларни, жумладан ёнғоқни ҳам зарарлайди. Мева қуртларига қарши курашиш учун уларнинг ҳар бир авлодига қарши бир мартадан қуйидаги кимёвий препаратлардан бири пуркалади: нурелл-Д (1,0 л/га); эмамектин бензоат (0,4 кг/га), эмалюкс (0,3 кг/га).

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана