
Азотли минерал ўғитларни қўллашда ҳисобга олиш шарт бўлган бир нечта омиллар
Бутун дунё фермерлари экинлари учун азот озуқаси бермоқчи бўлишса, асосий азотли ўғитларга мурожаат қилишади. Булар карбамид, аммоний нитрат (селитра) ва Аммоний сульфат. Эътибор беринг, бу фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда. Қарор қабул қилишга келганда деҳқонлар бир неча омилларни ҳисобга олишади. Бу омиллар қандай омиллар?
Биринчи омил – минерал ўғитларнинг таркиби.
Масалан, карбамидни 45 % ни азот (N) ташкил қилади, яъни 100 кг карбамидни агар экинингизга берсангиз, сиз 45 кг азот (N) берган бўласиз. Бу кўрсаткич Аммоний нитрат, яъни селитрада 33 %, Аммоний сульфатда эса 21 % бўлади.
Келинг, энди буни тасаввур қилишга ҳаракат қиламиз. Агар биз 100 центнер буғдой олмоқчи бўлсак ва бу буғдойни таркибидаги оқсил миқдори 14 % бўлишини хоҳласак (нормал даражада), демак 100 центнер буғдойга 220 кг азот (N) талаб қилинади. Мана шу азотни қайси ўғитлар таркибида қанча миқдорда бўлишини кўриб чиқамиз. Демак, 490 кг карбамидда 220 кг азот (N) бўлади, 666 кг аммоний нитратда 220 кг азот (N) бўлади, 1050 кг Аммоний сульфатда 220 кг азот (N) бўлади. Демак, юқоридаги 100 центнер буғдой етиштириш учун мана шу ўғитлардан танловингизга қараб берсангиз натижада сиз 220 кг азот (N) берган бўласиз.
Иккинчи омил – Тупроқнинг шўрланиш хавфи.
Маълумки, барча минерал ўғитлар тузлардан иборат. Қанчалик уларнинг таркибида тузлар миқдори кўп бўладиган бўлса, экинга уни хавфи шунча юқори бўлади. Айниқса, ёш экинларни куйдириб қўйиши мумкин. Шунингдек, ўғитлар таркибидаги тузлар йиғиндиси тупроқни шўрланишга ҳам олиб келиши мумкин. Масалан, карбамид ўртача шўрланиш хавфига эга бўлган ўғитлардан ҳисобланади. Аммоний нитрат ва аммоний сульфат эса юқори шўрланиш хавфига эга. Суғориладиган майдонларда тегишли агроехник тадбирларга амал қилинса бу муаммо туғдирмайди. Чунки суғориш орқали тузлар ювилади. Лекин суғорилмайдиган экин майдонларида эса буни ҳисобга олишимиз керак. Шунингдек, экинларни уруғидан экиш пайтида ўғит берилганда таркибида тузлар кўп бўлган ўғитлардан эхтиёткор бўлиш талаб этилади. Чунки, тузлар миқдори юқори бўлган ўғитлар уруғ ниш отган пайти нишонани куйдириш эҳтимоли жуда ҳам юқори бўлади. Шу учун уруғ экиш пайтида уруғ билан аммофос берилганда тузлар миқдори камлиги боис хавфи юқори бўлмайди.
Учинчи омил – Азотли ўғитларнинг рН га таъсири.
Кўпчилик фермерлар учун рН деган тушунча жуда керакли маълумот ҳисобланади. Яъни, рН – бу тупроқнинг реактивлиги. Тупроқдаги моддаларнинг нима билан реакцияга киришишини аниқловчи кўрсаткич бу тупроқнинг рН ҳисобланади. Нормал ҳолатда тупроқдаги рН кўрсаткичи 7 атрофида ёки 7 дан пастроқ бўлиши керак. Тупроқдаги рН қанча юқори бўлса, бу тупроқ ишқорли ҳисобланади ёки тупроқдаги рН 7 дан паст бўлса кислотали тупроқ ҳисобланади. Юқори ҳосилдорликка эришиш учун тупроқдаги рН миқдорини пасайтириш талаб этилади. Биз биламизки, аммоний сульфат тупроқни рН миқдорини туширишга хизмат қилади. Яъни, аммоний сулфат – 110 кг СаСО3 /100 кг. Эътибор беринг, 110 кг СаСО3 (оҳак) ҳар 100 кг.га деб берилган. Минерал ўғитларни рНга таъсири ҳар доим оҳак билан ифодаланади. Чунки оҳак аммоний сульфат таъсирида тупроқда тушган рН ни кўтарадиган ишқор ҳисобланади. Аммоний сульфатни ҳар 100 кг берганда тупроқда пайдо қиладиган кислотасини нейтраллаштириш учун 110 кг охакдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тўртинчи омил – Тупроқ ҳарорати.
Биз биламизки, экинлар, мевали дарахтлар нитратни тез ўзлаштиради. Агар аммоний, мочевинали, аммиакли ўғитлардан фойдаланилса, бу ўғитларни нитратга айланиши учун маълум бир ҳарорат талаб этилади. Иссиқ тупроқларда ўғитлар тез ўзлаштирилади, аммо эрта баҳорда ҳаво салқин бўлганда бу бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин. Масалан, аммоний сульфат нитратга айланиб кейин эса уни экинлар ва дарахтлар ўзлаштиради. Карбамид (мочевина) даги азот (N) эса олдин аммиакга айланади, кейин у аммонийга айланади, кейин эса нитратга айланиб ўзлаштирилади. Бу жараёнларни нормал амалга ошиши учун ҳаво ҳарорати меъёрда бўлганда тупроқнинг ҳам ҳарорати етарли бўлиши билан боғлиқдир.
Бешинчи омил – Фертигация, яъни Азот (N)нинг суюқ консентрацияси.
Ўғитлар сув орқали берилаётганда яхши эриши керак. Шундагина экинлар ва дарахтларга илдиз орқали етарли даражада сурилади. Минерал ўғитларнинг эриш меъёрлари қуйидагича:
Аммоний нитрат – 150 гр/100 мл.
Аммоний сульфат – 74 гр/100 мл.
Карбамид – 55гр /100 мл.
Тухтамурод Маматов,
Агроном-консультант
Мурожаат учун: +998915206854
Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана
©2017 - 2019 All Rights Reserved