UzNuts

Мевали дарахтларнинг тиним даври нима?

Кузда дарахт қишки тиним даврига тайёргарлик кўради. Дастлаб келгуси мавсум ривожи учун керак бўладиган озуқа ширасини крахмал кўринишида йиға бошлайди. Шунингдек, дарахт ўз намлик даражасини пасайтириб, тиним даври учун керак бўладиган оқсилларни синтез қилиш жараёнига ҳам киришади.
Кўпгина мевали дарахтлар одатда, ноябрь ойи тугамасидан уйқуга кирадилар ва жараён февраль ойи ўрталаригача давом этади. Бу давр мобайнида дарахт энг кам сув ва шира билан озиқланиб туради. Қишда крахмалнинг парчаланиши натижасида ҳужайра цитоплазмаси таркибида шакар микдори кўпаяди ва бу жараён дарахт танасидаги озуқа ширасининг музлаб қолишидан сақлайди. Кузда етарли миқдорда крахмал йиғиб олиши учун дарахт ўсиш мавсуми давомида сув ва озуқага тўйинган бўлиши керак.
Дарахтлар ўзларига керак бўлган совуқ ҳаво йиғиндисини олганларидан кейингина уйғонадилар. Акс холда, дарахт соғлигига зарар етиб, келаётган мавсумда яхши ривожланмаслиги мумкин. Қишки тиним тугаб, ҳаво ҳарорати кўтарила бошлаганда дарахтлар янги ўсув жараёнига киришади. Йиғилган крахмал қайтадан шакарга айлантирилиб, куртаклардан гул ва барглар ўсиши учун сарфланади.

@UzNuts axborot xizmati

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана