UzNuts

Кўчатни қачон ва қандай экиш керак ?

Ўзбекистонда мева дарахтлари, одатда, кузда ёки баҳорда ўтқазилади. Кузда кўчат ўтқазиш хазонрезгиликдан кейин ноябр ойи бошларида бошланиб, қора совуқлар тушгунига қадар давом этади. Баҳорда эса кўчатлар куртак ёзгунга қадар тупроқнинг ҳолати ва жойнинг иқлим шароитига қараб февралдан март охиригача экилади.

Кузда кучат ўтқазиш баҳордагидан кўра қулайроқ, чунки бу давр узоқроқ давом этади. Кузда ўтқазилган кўчатларнинг илдизида қиш давомида каллюслар пайдо бўлади. Улар баҳорда яхши тутиб, тезроқ ўса бошлайди. Шунингдек қиш илиқ келиб, ҳарорат 0ºC дан юқори бўлган, ер музламаган бўлса, қишда ҳам кўчат ўтқазиш мумкин.

Экиш майдонига олиб келинган кўчатларнинг илдизларини вақтинча бўлса ҳам очиқ қолдирмаслик, келтирилган заҳоти нам тупроққа кўмиб қўйиш лозим бўлади. Кўчатларни ташиган вақтда уларнинг илдизларига нам брезент ёки похол ёпиб қўйилади. Узоқ масофаларга эса, усти берк транспорт воситаларида ташиган маъқул.

Агар кўчатнинг намлиги камайиб қолган бўлса, ҳужайраларни нормал ҳолга келтириш учун 1-2 кун сувга солиб қўйилади. Ўтқазиш олдидан кўчат илдизлари тупроқ билан мол гўнги аралаштириб тайёрланган суюқ лойга ботириб олинади. Бу илдизларни қуриб қолишдан сақлайди.

Кўчатни чуқурга қўйишдан олдин, чуқур ўртасига озгина тупроқ солиниб, дўнгча ҳосил қилинади. Сўнгра кўчатни чуқурга қўйиб, кўчат атрофига бир текисда тупроқ ташланади. Тупроқ илдизларга зич ёпишиб туриши учун, тупроқни яхшилаб босиб қўйилади.

@UzNuts axborot xizmati

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана