UzNuts

Клястоспориоз касаллиги

Клястоспориоз (данакли мева дарахтларида тешикли доғланиш касаллиги) замбуруғли касаллик бўлиб, у мевали дарахтларнинг куртаги, барги, гули, новдаларини зарарлайди. Бу касаллик турли мевали дарахтлар каби бодомни ҳам шикастлайди. Шох-шаббалари қалинлашиб, мевага кирган   дарахтлар бу касалликдан кўпроқ зарарланади.
Касаллик дарахтнинг ҳосилини камайтириш билан бирга мевасининг сифатини ҳам пасайтириб юборади. Баҳорда касалланган баргларда думалоқ доғлар пайдо бўлади. Сўнг баргнинг зарарланган жойидаги тўқималар тўкилиб кетади ва ўрнида тешикчалар ҳосил бўлади. Меваларда эса қўнғир тусли шишлар пайдо бўлади, елим оқиб чиқа бошлайди. Касалланган куртаклар қуриб қолади. Новдаларнинг пўсти ёрилиб кетади ва елим чиқаради. Касалланган мевали дарахтларнинг гуллари тўкилиб кетади. Касаллик тарқатувчи замбуруғлари  дарахтни новдаларида ва ёрилган пўстлоқлар орасида қишлайди.
Кураш чоралари. Эрта баҳорда касалликдан зарарланган шохлар кесилади ва даладан ташқарига чиқариб ташлаб йўқотилади. Дарахтлар кўп зарарланган пайтда ёшартириш мақсадида шох-шаббалар кўпроқ кесиб ташланади.
Куртаклар буртгунга қадар “зангори пуркаш” амалга оширилади, яъни бордо суюқлигининг 3% ли эритмаси (100 литр сувга 3 кг хисобида мис купороси ва шунча миқдорда оҳак қўшиб) пуркалади. Ишчи суюқлик сарфи дарахтларни ёшига қараб 500 литрдан 2000 литргача бўлади. Агар унинг самараси бўлмаса, мис купороси (100 л сувга 1 кг мис купароси ва оҳак ҳисобида) пуркалади.
Мавсумда пуркаш ишлари қуйидаги тартибда бажарилади: дастлабки ишлов бериш тадбирлари дарахтлар гуллаб бўлгандан кейин, иккинчиси - биринчи марта дори сепилгандан сўнг орадан 20 кун ўтгач 50 л сувга 1 кг мис сульфат ва 50 л сувда 1 кг охак эритилиб, мис сульфат эритмаси охак эритмасига қўшилади ёки мис хлор оксиди 100 литр сувга 400 г ҳисобида қўлланилади.
Бундан ташқари Ридомил Голд 72% н.к, Курзат R 44% э.к, Импакт 25% э.к. препаратларидан фойдаланиш тавсия этилади.

Тўхтамурод Маматов, ахборот хизмати раҳбари, агроном.


Эслатма: Ҳурматли уюшма аъзолари, фермерлар ва ташаббускорлар! Айни пайтда барча ўсимликлар, жумладан мевали дарахтларнинг касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш палласи. Шу муносабат билан сиз парвариш қилаётган боғингиздаги дарахтларда турли ўзгаришларни, касалликлар белгилари ва зараркундаларнинг ҳаракатини сезсангиз, унга қандай чора-тадбирлар қўллаш кераклиги ҳақида сизда маълумот бўлмаса, бизга мурожаат қилиб тегишли тавсиялар олишингиз мумкин!

Мурожаат учун телефон: +998915206854

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана