
Замонавий интенсив мева боғлари барпо қилишдан олдин дастлабки бажарилиши ва эътибор қаратилиши лозим бўлган факторларни ўргандингизми?
Бу ҳақда мутахассис сизларга амалий тавсиялар беради.
Боғ учун жой танлаш: Боғга режалаштирилаётган майдон тарихи, тупроқ тури, иқлим ва маҳаллий атроф-муҳит ҳолати, айниқса дарахтларни гуллаш, мева ривожланиши ва ҳосил етилиш вақтида об-ҳаво шароитлари муҳим рол ўйнайди. Атроф-муҳит билан боғлиқ омиллар эса кўп ҳолларда касалликлар ва зараркунандаларнинг ривожланиши эҳтимоллигини ошириши мумкин.
Иқлим шароити: Биринчи навбатда дарахтлар қишки уйқудан уйғониб, баҳорда янгитдан ривож бошлаши учун қишда кераклича совуқлик олиши зарур. Дарахтлар куртак чиқариши ва дастлабки ўсиш учун озуқаларни асосан ўтган мавсумда йиғилган захиралардан олади. Кейинроқ эса ҳужайралар бўлиниши ва фотосинтез жараёни ишга тушиши учун илиқ ҳарорат ва қуёш нурлари талаб этилади. Шунингдек, ҳосил териб олингандан кейин ҳам дарахтлар ривожи учун яхши иқлим шароитлари талаб этилади, бу дарахтларнинг келгуси йил дастлабки ривожи учун озуқа йиғишига имкон беради.
Суғориш имконияти: Агар боғ учун танланган жойни суғориш тизими орқали сув билан таъминлаш имкони бўлмаса, бошқа жиҳатларига кўра бу жой қанчалик яхши бўлмасин, ер табиий қуруқ бўлса, бундай ерда мевали дарахтлар боғини яратиб бўлмайди.
Қишқи иқлим шароити: Боғ барпо қилинаётган ҳудуднинг қишки об-ҳаво ҳарорати чегаралари ва давомийлиги дарахтлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳароратлар дарахтларнинг совуқликка бўлган талабини қондириш учун етарлича совуқ бўлиши дарахтларнинг уйғониши учун, аммо шу билан бирга мевали дарахтларни совуқ урадиган даражада қуйи бўлмаслиги керак. Шунингдек, мевали дарахтларнинг қишки уйқу даврида ҳаво ҳароратининг узоқ вақт +16 градус даражадан қуйи тушмаслиги дарахтларнинг шу вақтгача олган совуқлигини йўққа чиқариб, қишки тиним даврини янада чўзиб юбориши мумкин. Шу билан бирга қиш мавсуми қисқа ва юмшоқ ўтадиган минтақаларда совуқликка талаби юқори навлар етарлича совуқлик олмасдан, баҳорги ривожланишни беқарор бошлаши мумкин.
Баҳорги иқлим шароитлари: Баҳорги ривожланиш об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, кунлар исиганда куртаклар совуққа чидамлилик хусусиятини йўқотиб, бўртиши билан бошланади. Аёвсиз баҳорги музламалар куртак, гул ва ғўраларни нобуд қилиши мумкин. Масалан, гилос мевали дарахтининг гуллаш даврида гуллари -2 градус даражада совуққа ярим соат давомида чидаши мумкин, -4 градус даражада эса деярли барча гуллар нобуд бўлади. Шунинг учун мевали боғ учун жой танлашдан олдин шу жойга алоқадор баҳорги музламалар тушиши тезлиги ва мавсумнинг энг сўнгги қақшатқич музламаси тушиши мумкин бўлган сана каби статистик маълумотларни ўрганиб чиқиш лозим.
Сув ҳавзаларининг яқинлиги: Сув ўзига хос катта миқдордаги иссиқликни сақлаб қолиш хусусиятига эга, унинг ҳарорати секин ўзгаради. Катта таббий сув ҳавзаларига яқин жойларда қишнинг жуда совуқ ҳароратлари нисбатан мўътадилроқ ўтади. Шу сабабдан катта сув ҳавзалари яқинида мевали боғлар барпо этиш фойдалироқдир. Шунингдек, ер ости сувлари яқин бўлган майдонларда ҳам боғ барпо этиш мақсадга мувофиқ эмас.
Топография: Ер сатҳи релъефи боғ майдонидан ҳаво ва сув ҳаракатланишида катта аҳамиятга эга. Ҳаво ҳаракатланиши айниқса баҳорги музламалалар хавфини баҳолашда муҳим рол ўйнайди. Тупроқ сатҳи ва тупроқ остидан сув ҳаракатланиши бутун йил давомида ўз аҳамиятини йўқотмайди. Тик нишабликларда экинсиз тупроқлар осон емирилиши уларни боғ учун яроқсиз қилса, адирликлар чўққисида устки тупроқ қатламининг кўчиши ва шамол таъсирида меваларнинг нобуд бўлиши бундай ерларда мевали боғлар барпо қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини англатади. Шамол ҳам шохлар ўсишига тўсқинлик қилиши ҳамда ер ва ўсимликлар сатхидан сув буғланишини тезлаштириши орқали дарахт ёйилмаси кичрайишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳаво ҳаракатланиши: Совуқ ҳаво илиқ ҳавога нисбатан оғир бўлиши туфайли тупроқ сатҳига ётади ва нишаб жойларда пастга қараб ҳаракатланади. Шуни ҳисобга олган ҳолга нишабликлар этагида ёки пастлик тубида мевали боғлар барпо этиш маъқул эмас. Пастлик жойларда ҳаво ҳаракатланиши яхши бўлмаганлиги учун совуқ ҳаво тўпланади, натижада музлама учоқлари пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Тупроқ шароитлари: Боғ учун танланаётган жой тупроғини синчиклаб ўрганиш унинг келажаги учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, сифатсиз тупроқли жойлардан воз кечиш керак, ҳал этиш мумкин бўлган муаммоларни эса ўз вақтида чорасини кўриш лозим. Тупроқни оддий кўз билан текшириш орқали ҳам баъзи муаммоларни яққол кўриш мумкин, яъни чуқурликлар, ботиқликлар, айни дамда дарахтлар сифатсиз ўсаётган ёки дарахтларнинг ўсиш табиати ўзгарган жойлар шунга мисол бўлади. Бу ҳолатларнинг барчаси тупроқ тури ва қатлами майдон бўйлаб бир хилда эмаслигидан далолатдир. Боғ учун мўлжалланган ҳудуднинг тупроқлари лаборатория шароитида таҳлил қилиниши, шўрланиш ва тупроқ таркибидаги элементларнинг миқдорини ўрганиш боғбонлар учун фойдали маълумотларни беради.
Тўхтамурод Маматов,
Уюшма ахборот хизмати раҳбари
Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана
©2017 - 2019 All Rights Reserved