
Грек ёнғоғининг пайдо бўлиши ва ундан фойдаланиш.
Палеонтологик олимларнинг таъкидлашича, Juglans (ёнғоқлар) авлоди турларини пайдо бўлиши мезозой эрасининг бўр даврининг ўрталарига (тахминан 100 млн. йил илгари) бориб қадалади, бу даврда ер юзидаги флора ўзгариб, гулли ўсимликлар пайдо бўлган. Ўсимлик қолдиқларини палеоботаниклар томонидан ўрганиш шуни кўрсатдики, ёнғоқ мевали дарахтларни ривожланиши палеоген даврига тўғри келган (эрамиздан 67 млн. йил илгари, унинг давомийлиги 42 млн. йил), айниқса кайнозой эрасининг неоген даврида (эрамиздан 25 млн. йил илгари, давомийлиги 23 млн. йил) уларнинг кенг тарқалганлиги аниқланган. Табиийки, айрим олимларнинг фикрича, улар Европа, Осиё ва Шимолий Америка худудларида ўсган. Ушбу қадимий геологик даврида ер шарида ўсимликларни ўсиши ва ривожланиши учун қулай шароит юзага келган. 1-расм. Грек ёнғоғи. 1- дарахти; 2а- оталик гули; 2б- оналик гули; 3- новдаси; 4а- пўчоғи; 4б- мағзи. Музлик даврида эса ёнғоқларнинг майдони қисқариб, қулай об-ҳаво шароитларида қолган. Бу даврда ёнғоқлар бошқа қулай шароитдаги худудлар сингари Ўрта Осиё ва Кавказ орти тоғларида ўсган. Музлик даврини тугаши билан ёнғоқ шимолий ва шарқий худудларда ўса бошлаган. Учламчи даврнинг ўрмон қолдиқларида грек ёнғоғи Хитой, Ўрта Осиё, Кавказ орти, Шарқий ва Шимолий Эрон, Кичик Осиё, Болқонда, Жанубий Венгрияда, Ғарбий Европада учрайди. Айрим олимларнинг фикрича, Евроосиёниг Шимолий муз океани билан чегарадош шимолий-шарқий қуруқлик қисми бундан 10-11 минг йил илгари океан музликларини катта тезликда қуруқликка қараб ҳаракатга келганлигидан қисқа вақт ичида ундаги кенг баргли иссиқсевар мезофит ўсимликларни (қора ўрмонларни) ва улар билан боғлиқ бўлган ҳозирги тропик минтақаларга хос фаунани босиб олади. Бу минтақада иқлимни совиб, кескин пасайиб кетиши иссиқсевар тропик жониворларнинг йўқолишига ёки илиқ ўлкаларга кўчишига сабабчи бўлган. Жумладан, совуқдан жанубга қараб учган қушлар ўзи билан мазкур ҳудуд флорасининг маҳаллий вакилларидан ёнғоқ, писта ва бошқа ўсимликларнинг мева ва уруғларини иссиқ ўлкаларга олиб келган. Шу боис, улар Сибирь, Қозоғистон орқали Марказий Осиёга, кейинчалик Афғонистон, Эрон, Туркия, Юнонистонга етиб борган. Юнон ёнғоғини дастлаб Грецияда, кейинчалик Европа мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетиши сўнгги даврларда янада кучайди. Юнонистондан бу дарахт ғарбга (Испания), Марказий Европа мамлакатлари бўйлаб шарққа (Россия, Украина) ва бошқа давлатларга тарқалди. Улуғ рус биологи, маданий ўсимликларнинг келиб чиқиши марказлари таълимотининг асосчиси Н.И.Вавилов (1931) грек ёнғоғининг дастлабки келиб чиқиш генмаркази Ўрта Осиё маркази – Афғонистон, Шимоли-Ғарбий Ҳиндистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Ғарбий Тянь-Шань худудларини қамраб олади. Осиё олди маркази – Кичик Осиё, Кавказ орти, Эрон ва тоғли Туркманистон. Н.И.Вавилов таъкидлашича, Ўрта Осиёнинг тоғли ва тоғ олдида, Тянь-Шань тоғларида, Кавказ ортида мевали дарахтларнинг, шу жумладан грек ёнғоғининг дунё ресурслари тўпланган. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон худудларида ҳозиргача жуда катта табиий ёнғоқзорлар сақланган. Айниқса, Фарғона водийсида грек ёнғоғининг турли шаклларини учратиш мумкин. Ўзбекистоннинг Коржантоғ, Угом, Писком, Чотқол ва Ҳисор тизма тоғларининг ён бағирларида табиий ёнғоқзорлар мавжуд. Улар анча қалин ҳолда Бўстонлиқ тумани тизма тоғларида ўсади. Қирғизистон ва Тожикистон тоғ ва тоғ олди (Juglans regia L.) худудлари табиий ёнғоқзорларида грек ёнғоғининг жуда қимматли ва ноёб турлари учрайди. Грек ёнғоғи кўп қиррали ва қимматли хусусиятларга эга бўлганлиги туфайли жуда қадимдан кўп мамлакатларда маданийлаштирилган. Кўпгина олимлар фикрича, ёнғоқни биринчи бўлиб қадимги Форс боғларида ўстира бошланган. Кейинчалик ёнғоқ Форс мамлакати кўчатхонасидан Грецияга олиб келинган. Қадимги дунё ботаниги, табиатшунос ва файласуфи Геофраст ўсимликнинг форс ёнғоғи деб номлаган. Ёнғоқ Грециядан Римга келтирилган. Машҳур Рим олими Варрон (эрамизгача 116-97) ва Плиний (24-79) ўз асарларида грек ёнғоғи деб аташган. Форслар, греклар ва римликлар грек ёнғоғини жуда қадрлаганлар ва улар худудларида ўстиришган ҳамда ундан озиқовқат, доривор ва шифобахш ўсимлик сифатида фойдаланишган. Ёнғоқ Римдан Болқонга, ундан Ғарбий Европага – Франция, Испания мамлакатларига, кейинчалик бутун Европа мамлакатларига тарқалган. Грек ёнғоғи айрим халқларда форс, грек, подшо ёнғоғи ҳам деб аталган. Шундай қилиб, грек ёнғоғи эрамиздан олдин жуда кўп қабила ва халқларда маданийлаштирилган, ер юзида кенг тарқалган ва ҳозирги вақтда Туркия, Италия, Руминия, Франция, Россия, Украина, Македония, Греция, Болгария, Испания, АҚШ, Эрон, Афғонистон, Кавказ орти мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон, Молдавия, Германия, Венгрия, Япония, Марказий Осиё мамлакатлари ва дунёнинг бошқа мамлакатларида катта майдонларни эгаллаган. Грек ёнғоғи ер юзидаги энг қадимий ва нодир дарахтлардан ҳисобланади. Кўп юз йиллар ўтиши билан ёнғоқнинг янги-янги нав турлари пайдо бўлган. Кейинчалик бутун ер юзида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган. Грек ёнғоғи дарахтининг йириклиги, баргларининг каттакатта эканлиги, мевасининг қобиқ билан ўралиши каби биологик хусусиятлари билан бошқа мевали дарахтлардан фарқ қилади. У барги орқали заҳарланган ҳавони сўриб олиб, ўзидан соғлом фитонцидли ҳаво чиқаради ва антибиотик хусусиятлари билан ҳавони тозалайди, зараркунандаларга салбий таъсир кўрсатади, касаллик тарқатувчи бактерияларни йўқотади, тупроқда нам сақлайди, унинг унумдорлигини оширади, илдизлари сизот сувларини тўплашда аҳамияти катта. Шу сабабли ҳам кўпгина мамлакатларнинг табиатшунослари ҳақли равишда ёнғоққа сув ва ҳаво “фабрикаси” деб ном беришган. Чунки ёнғоқлар фитонцидэфир мойи ва окситин моддалари ишлаб чиқаради ва у ўз навбатида ҳар хил касалликлар тарқатувчи вирус ва бактерияларни қириб юборади. Ёнғоқнинг бу хусусияти биринчи навбатда инсон организми ва саломатлиги учун катта аҳамиятга эга. Ёнғоқзорлар тупроқ эррозиясига қарши курашда, боғ ва мевазорларни, сабзавот ҳамда бошқа экинларини қаттиқ шамол ва гармселдан тўсишда “яшил паҳлавон” ролини ўйнайди. Тоғ ён бағридаги ёнғоқ плантацияси. Грек ёнғоғидан турли озиқ-овқат маҳсулотлари олинади, унинг чиқиндисидан саноатда ва медицинада кенг фойдаланиш мумкин. Хусусан, ёнғоқнинг меваси, мағзи ва мойи кондитерлик фабрикаларида ҳамда машинасозлик саноатида, пўчоғи эса кўнчилик, тўқимачилик, фармацевтика, кўмир саноатида, ёғочи эса мебелсозлик, машинасозлик, самолётсозлик саноатларида (Juglans regia L.) ишлатилади. Халқ табобатида эса унинг меваси, барги, пўчоғи, илдизи ва бошқа чиқиндиларидан инсон организмидаги турли хил дардларни даволаш мақсадларида фойдаланилади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиёда ёнғоқни “луқмон дарахти” деб атаганлар. Ёнғоқ мағзи бутун инсон организми учун, хусусан мия, юрак, кўз, қулоқ, ошқозон, ичак, буйрак, тери, бод, бавосил, қон босими ҳамда қанд касалликларини даволашда энг яхши табиий дори ҳисобланади. Унинг мағизи юқори калорияли бўлиши билан бирга инсон организмининг ошқозон гастрити, рак ва бошқа касалликларига қарши ҳимоя қувватини оширади. Ёнғоқ мойи инсон организмида тез ҳазм бўлади, кишини бақувват тутади, руҳини тетиклаштириб асабини мустаҳкамлайди. Ўз даврининг буюк табиблари Абу Али ибн Сино, Фаробий, ал-Оқимий ва бошқалар ҳам ўз асарларида ёнғоқнинг мана шу афзалликларини қайд қилиб ўтганлар. Буюк бобомиз Абу Али ибн Сино ёнғоқнинг меваси, пўстлоғи, илдизи ва новдасидан фойдаланиб қатор хасталикларни даволаган. Асаб тизими, дармонсизлик, юрак-қон тизими, талоқ шамоллаши, ошқозон, ўт-пуфак, ревматизм, бўқоқ, тиш, томоқ оғриғини даволашда ёнғоқдан фойдаланилган. “Тиб қонунлари” асарида келтирилишича, ёнғоқ ва унинг қобиғи қонни тўхтатишда фойдалидир. Қобиғининг қуюлтирилган шарбати йўталга малҳам бўлса, меваси ичак оғриғини бартараф қилади. Меваси таркибидаги темир, фосфор, серотин дармондориси, мой ва оқсиллар овқат ҳазм бўлишини яхшилайди, йод моддаси қалқонсимон без фаолиятини тиклайди. Т. Абдуллаев “Ўзбекистон ёнғоқ маҳсулотлари” (2018) китобида ёнғоқчилик тарихига тўхталиб, соҳибқирон Амир Темур ҳам ёнғоқ дарахтини жуда қадрлагани ва уни Самарқанд атрофида кўпайтиришни тавсия қилганликларини айтиб ўтган. Юқори агротехникага мос равишда парваришланган ва вояга етган ҳар бир туп ёнғоқ дарахти қарийб бир тоннага яқин ҳосил бериб, даромад келтиради.
Маданий ёнғоқзор. Ёнғоқ ҳосилини 1 тоннасидан 0,5 тонна мағиз чиқиб, ўз навбатида мағизидан 200-300 килограмм мой, 250-300 килограмм кунжара олиш мумкин. Ёнғоқнинг ярим тонна пўчоғидан 100-200 килограмм активлашган кўмир ва кўплаб қайроқ тошлар ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд. Унинг чиқиндиси бўлмиш яшил пўчоғидан тери-кўнчилик саноати учун зарур бўлган 100-150 килограмм ошлов моддалари олиш мумкин. Ёнғоқнинг баргидан турли хил витаминлардан ташқари, рассомчиликда ишлатиладиган ҳар хил рангдор бўёқлар олинади. Шунингдек, ёнғоқ тиббиётда, кондитер саноатида ва бошқа соҳаларда ҳам ишлатилмоқда. Унинг поясидан ўймакор дурадгорчиликда кенг фойдаланилмоқда. Грек ёнғоғини Карл Линней Juglans regia деб номлаган, бу лотин тилидан “шоҳ ёнғоғи” маъносини беради. Қадимги греклар ушбу ўсимликни шоҳ ёнғоғи деб аташган. Ёнғоқ ҳақида қадимги грек мутафаккирлари Диоскорид, Цицерон, Плиний ва Вергилийлар ёзишган. Ёнғоқ дарахтининг қисқача тузилиши ва биологик хусусиятлари ҳақида “ботаника отаси” Теофаст ва рим шоири (Juglans regia L.) 15 Овидий ёзиб қолдиришган. Улар бу дарахтни катта, чиройли, тупроқ танламайдиган, йўл ёқасида ҳам ўсадиган, ҳеч нарсадан – шамол, ёмғир, жазирама иссиқдан ҳам қўрқмайди, деб таъриф беришган. Ҳақиқатан, грек ёнғоғи дарахти жуда катта шохшаббаси ёйилиб ўсадиган, унинг ёқимли ҳиди, навбатма-навбат жойлашган барглари, тўғри ўсадиган оч кулранг тусдаги танаси, гуллари яшил тусли кучалалар бўлиб, меваси думалоқ, гоҳо элипссимон шаклда, ташқи пўсти этдор, яшил тусли, етилганидан кейин қорайиб, қаттиқлашиб қолади. Ёнғоқнинг мағзи юпқа пўст билан қопланган. Унинг мағзи тўрт қисмдан иборат. Қадимги топишмоқда айтилган: “Битта кўйлакда тўрт оғайни”. Апрель-май ойларида гуллайди, шамол ёрдамида чангланади, меваси август-сентябрда пишиб етилади. Грек ёнғоғи 400 дан 1000 йилгача яшаши ҳақида маълумотлар мавжуд. Ёввойи ҳолда 10-12 йилдан сўнг ҳосил бера бошлайди. Дарахтлар 100-180 йилдан сўнг энг кўп ҳосил бера бошлайди. Битта дарахтдан 1 килограммдан 300 килограммгача ҳосил олинган. Брокгауз ва Эфронларни “Энциклопедия луғати”да ХIХ асрда Кавказда айрим ёнғоқ дарахтидан 100 пудгача ҳосил олинган. Ҳосили кўп бўлиши ва узоқ умр кўриши туфайли, айрим халқларда грек ёнғоғи мўл-кўлчилик, тўқчилик ва узоқ умр кўриш рамзи ҳисобланади. Қадимги греклар бирбирларига тантаналарда ёнғоқ улашган, тўй-ҳашамларда ёнғоқ асосий озиқа бўлган. Кавказ ва Молдавияда ҳозиргача бола туғилса, унга атаб ёнғоқ экилиш анъанага айланган. Ёнғоқнинг озиқавий қиммати бебаҳо ҳисобланади. У нафақат фойдали ва тўйимли бўлибгина қолмай, жуда мазали ҳамдир. Кавказда “ёнғоқ сути” билан (эзилган ёнғоқни сувга аралаштирилгани) онадан ажралган ёш гўдакларни боқишган. Қадимги Грецияда туққан оналарга ёнғоқ истеъмол қилиш буюрилган. Грек ёнғоғи кексаларга жуда фойдали бўлиб, бир қатор қарилик касалликларига даво ҳисобланади. Ёнғоқ жисмоний меҳнат билан шуғулланадиганларга ва оғир касалликдан тузаладиган беморларга жуда зарур озуқа сифатида қаралади. Қадимда узоқ сафарга чиқган карвон, кўчиб юрадиган ҳарбийлар хўржинларида ёнғоқ олиб юришган. Ақлий меҳнат билан шуғулланувчи кишиларнинг фаолиятига ёнғоқни ижобий таъсири Қадимги Вавилондан маълум. Геродот сўзларига кўра, Вавилон руҳонийлари грек ёнғоғини оддий одамларга истеъмол қилишни тақиқлашган. Унинг сабаби шундаки, ёнғоқ меваси пўчоғидан тозаланганда унинг мағзи одам миясига ўхшаш бўлишлиги, уни оддий одамлар истеъмол қилишганида руҳонийлардан ақллироқ бўлиб кетишидан чўчишган. Ёнғоқ мағзини одам миясига ўхшашлиги ҳатто грек мутаффакири Платонни ҳам ҳайратга солган. У ёнғоқни ақлли мева ва бу мева пишиши билан одамлардан барглари орасига яшириниб олади, деган фикрда бўлган. Швед олими ва саёҳатчиси Свен Гедин эса, пишмаган ёнғоқни узсангиз, у чирқиллайди ва йиғлайди, деб ёзган. Грек ёнғоғи ошхонада қадимдан асосий маҳсулот ҳисобланади. Жуда кўп халқларда қадимдан ёнғоқ мағзи жуда мазали таомлар таркибида бўлган. Улардан йил давомида турли миллий таомлар тайёрлашган. Ҳозирги вақтда турли хил кондитер маҳсулотларини ёнғоқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Турли хил музқаймоқ, печенье, торт, конфет, шарқ ширинликлари тайёрлашда ёнғоқ мазали таркиб сифатида баҳоланади. Халқ табобатида ёнғоқ барги, гули, ёш ғўраси, мева пўсти, мағзи орасидаги тўсиқлар, мағзи, пўчоғи ва мойидан фойдаланилади. Ёнғоқ ғўраси мураббоси гипертония ва қандли диабетга, ғўраси камқонликда, мағзи орасидаги тўсиқлар дамламаси диспепсия, колит, гипертония, қандли диабетда, барг суви яллиғланишга қарши сиртга қўйиш учун фойдали ҳисобланади. Ёнғоқ мағзи эзилиб, асалга аралаштириб истеъмол қилиш қадимдан маълум. Ёнғоқ мойи сийдик-тош касаллигида ва юрак ҳамда буйрак касалликларида пайдо бўладиган шишларни даволашда қўл келган. Барг дамламаси меъда яраси, йирингли отит ва атеросклероз касалликларига қарши ишлатилган. Шу билан бирга дамлама ангина, стоматит, гингивит, парадонтозда оғиз ва томоқни чайишда фойдаланилган. Мағизи анжир билан қўшиб ейилса, кўпгина заҳарлар кучини камайтирган. Соч парваришида барг қайнатмаси яхши фойда берган. Мағизи эзилиб турли яраларга малҳам сифатида фойдаланилган.
Ёнғоқ дарахти ва унинг мевасидан фойдаланиш соҳалари
Ёнғоқдан чиқадиган маҳсулотлар. Ғўра меваси мураббо қилинади. Консерва тайёрланади, С витамини олинади. Витаминоз касалликларни даволашда қўлланилади. Мағизи озиқ-овқат сифатида истеъмол қилинади. Ҳар хил ширинликлар тайёрланади. Дори-дармон сифатида гипертония, туберкулёз, юрак, мия, ревматизм, буйрак, диабет, атеросклероз ва гижжа ҳайдашда қўлланилади. Мойи озиқ-овқат тайёрлашда ишлатилади. Техника мойи, бўёқ, туш, ҳолва, конфет, совун ишлаб чиқаришда фойдаланилади Кўз, қулоқ, асаб, ошқозон касалликларини даволашда ишлатилади. Кунжараси озиқ-овқат сифатида ва молларга, паррандаларга озиқ, ерга ўғит бўлади. Холва, сирка, спирт, кислоталар олиш мумкин. Дизентерия, ичак, гастрит касалликларини даволашда қўлланилади. Яшил юмшоқ пўчоғидан бўёқ, ошлов моддалар, ишқор олинади. Витамин С, танид олиш мумкин. Тери туберкулёзини, томир, темиратки касалликларини даволашда фойдаланиш мумкин. Қаттиқ суяксимон пўчоғидан ёқилғи сифатида ишлатиш мумкин. Активлашган кўмир, ранг, қоғоз, тол, линолеум тайёрлаш мумкин. Гиморой, синган ва чиққанларни даволашда қўлланилади. Мағиз палласидаги пардадан чой қилиб ичиш мумкин, қоғоз ишланади, кўзнинг қон босимини пасайтиришда қайнатиб ичилади. Барги бўёқ, куяга қарши нафталин ўрнида ишлатилади, фитонцид ишлаб чиқаради. Витамин С, эфир мойи, ошлов моддаси, алколоид олиш мумкин. Сариқ касал, кўз, бош, оёқ шамоллаганда гипертонияда қўлланилади. Гули бўёқ, асалариларга яхшигина озиқ, иштаха очиш учун ичиш мумкин. Ёғочи ёқилғи, асбоб ускуна, пардоз-андоз ишларида фойдаланилади. Мебель, автомобиль, қуролга даста, тола, каноп олиш ҳам мумкин. Кўмири билан бод касали даволанади. Буқоғи нодир асбоб ускуналарга ишлатилади. Фанер қилиш мумкин. Бодни даволашда қўлланилади. Илдизи тупроқ структурасини оширади. Бўёқ олиш, фанер тайёрлаш мумкин. Суви сочни оқартирмаслик учун фойдаланилади. Пўкагидан сариқ, жигар ранг бўёқ тайёрланади. Рак, жигар касалликларини даволашда қўлланилади.
Ҳозирги вақтда ёнғоқдан олинган юглон препарати микробларга қарши восита сифатида кенг фойдаланилади. Ёнғоқ мойи ва мағзи анемия, рахит, атеросклероз, гепатит, гепертония, сурункали колитни даволашда фойдаланилади. Ёнғоқ баргидан олинган флавоноидлар қон босимини туширадиган, спазмларга ва яллиғланишга қарши таъсир кўрсатиши ҳайвонлар устидаги тажрибаларда исботланган. Ёнғоқ мойи фармацевтика ва консерва саноатида зарур ашё сифатида ишлатилади. Пишмаган ёнғоқ тузли витамин концентратлари, ундан мазали вареньелар тайёрланади. Унинг мағзи тузлаб, қовурилади. Ёнғоқ мевасини нафақат одамлар, балки ҳайвонлар ҳам хуш кўради. Ёввойи чўчқа, олмахон, барсук, ҳатто кийиклар ҳам хуш кўриб истеъмол қилади ва уни захира озиқа сифатида тўплайди. Қадимги грек врачи Гиппократ касалларга ёнғоқни пишмаган пўстини қайнатмасини ичишни тавсия қилган. Қадимги деҳқонлар ёнғоқнинг инсектицидлик хусусиятларидан турли хил зараркунандаларга қарши курашда фойдаланишган. Ушбу ўсимлик ўзига хос ҳидга эга, ҳиди таркибида турли фитонцид моддалар бўлганлиги сабабли турли ҳашаротлар бу ҳидга бардош бера олмайди. Инсон учун ёнғоқ ҳиди кам меъёрда жуда ёқимли, кўп меъёрда эса бош оғриғи ва уйқуни бузилишига олиб келади. Жуда кўп худудларда ҳовлиларда ёнғоқ экилмайди. Унинг соясида ухлашмайдилар.
Ёнғоқ танаси. Ёнғоқдан олинган бўёқлар қадимдан ишлатиб келинади. Ёнғоқ бўёғи билан ишланган эрон гиламлари қораймайди, рангини йўқотмайди ва оқариб қолмайди. Турли хил ажойиб картина, расм ва орнаментлар юз йиллаб ўз рангини йўқотмайди. Қадимги греклар ва римликлар эрамиздан олдин грек ёнғоғи ёрдамида чарм, ёғоч ва газламаларни ранглаш, балки сочларини бўяшда ҳам фойдаланишган. Ҳозирги вақтда қора ва жигар ранг бўёқлар тайёрлашда грек ёнғоғининг яшил қобиғи, барги ва пўстидан фойдаланилади. Мўйқалам соҳиблари Рафаэль, Леонардо да Винчи, Веронезе ва бошқаларнинг яратган асарлари 300-500 йилдан бери ўзининг жозибасини сақлаб келишига сабаб, улар ишлатилган бўёқларини ёнғоқ мойида эритганлар. Шу учун уларнинг картиналари ҳозиргача ўз рангини йўқотмасдан яхши сақланиб келинмоқда. Ёнғоқ пўчоғидан текис тош, линолеум, тормоз материаллари ва фаоллашган кўмир тайёрлашда фойдаланилади.
Ёнғоқ мевасининг қалин пўчоғи. Ёнғоқ ёғочи қадимдан ёғоч устоларини ўзига жалб қилиб келган. Ёнғоқнинг мустаҳкам, енгил эгилувчан, чиройли тўқ жигарранг тусли расмли ёғочи қурол ясашда, самолётлар салонини безашда, кема каюталарини жиҳозлашда, автомобилсозликда, қиммат мебеллар ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади. 6-расм. Ёнғоқ ёғочи. Ёнғоқ дарахти шохларида пайдо бўлган ғудда (бўқоқ) ёғочи дунё бозорида кумуш билан тенг баҳоланади. Ёнғоқ дарахти ғуддасини (буқоғини) оғирлиги 100 кг дан 1500 кг гача бўлади. Ёнғоқ бўқоғидан ноёб буюмлар тайёрланган. Кўпгина халқларда ёнғоқ ёғочидан тайёрланган ошхона жиҳозларидан фойдаланишади. Ёнғоқ ёғочидан тайёрланган паркет ноёб пол сифатида баҳоланади. Шундай қилиб, ёнғоқ дарахти ва унинг меваси озиқ-овқат, техник ва доривор қимматга эга ўсимлик бўлиб, табиат неъмати бўлган бу дарахтни асраб-авайлашимиз, кўпайтиришимиз, ҳимоя қилишимиз, очилмаган қирраларини ўрганишимиз лозим.
Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана
©2017 - 2019 All Rights Reserved