UzNuts

Бодом дарахтига шакл бериш.

Бодом дарахтида кўп йиллар мўл ва сифатли ҳосил олиш учун унга шакл бериш муҳим агротехник тадбирлардан ҳисобланади. Шу сабабли ушбу тадбир ўз вақтида тажрибали мутахассислар томонидан бажарилиши лозим. Бодом дарахтининг дастлабки 2-3 йил давомида шох шаббаларига ўзгарувчан лидер ёки пирамида шаклида, кўп шохловчи навларга эса очиқ косасимон ҳолатда шакл бериш тавсия қилинади. Дарахтга шакл беришда марказий лидер новда ва шохчалар ўртасидаги ўзаро мутаносиблик сақланиши керак.   Дастлабки асосий шох кўчат илдиз бўғзидан 60-70 см баландликда, кейингилари эса ҳар 20-30 см оралиқда 90-120 градус бурчак остида спирал шаклда қолдирилиб шакл берилади. Ёш  бодом дарахтлари шох-шаббасининг ичкари томонидан ўсиб чиққан ортиқча новдалари қирқиб ташланади.     Ёш бодом дарахтларининг новдаларини 3-4 йил жуда қисқартириб кесилиши мақсадга мувофиқ эмас, чунки бундай қирқиш уларнинг ўсишини кескин кучайтириб юборади ва ҳосилга киришини кечиктиради. Ҳосилга кирган бодомзорларда  кесиш ишлари шикастланган, қуриган, зарарланган шохларини қирқиб сийраклаштириб боришдан иборат.   Суст ўсувчи ва кам ҳосил берувчи 30-35 ва ундан катта ёшдаги бодом боғларида ёшартириш ишларини олиб бориш лозим, яъни эрта баҳорда (февраль-март) дарахтларнинг 2-4 яшар шохларини қисман кесилади ва уйқуда ётган куртаклардан янги новдалар ўсиб чиқиши таъминланади. Булар ҳисобига қариган дарахтларнинг шох-шаббалари тикланиб, яна бир неча йил ҳосил бериши мумкин.  Пайванд қилинмай ўтказилган кўчатларни, ҳамда ёввойи бодом дарахтларини сифатли навлар билан жойида пайвандлаш ҳам мумкин.   Бунда 5-6 ёшли дарахтлар тезда ўсиб турган ёки уйғонмаган куртак билан танасига ёки илдиз буғзига пайванд қилинади. Кўчатлар шохлаб кетган бўлса, пайвандўст унинг асосий шохига уланади ва ортиқча шохлар эса кесиб ташланади. Тагидан ўсиб чиққан бачки новдалари бутаб турилади. Меъёрида парваришланган дарахтлар 2-3 йилдаёк ҳосилга кириши мумкин.

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана