UzNuts

Тарихий манбаларда Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур томонидан чиройли ва машҳур боғлар бунёд этилгани ҳақида сўз юритилган. Бу боғлар ўз даврида бетакрор бўлиб, кишига гўзал тароват бахш этиб турганлиги алоҳида қайд этилади. Ушбу боғларнинг энг машҳурлари ҳақида тарихий маълумотларни сизга тақдим этишни жоиз деб билдик.
Амир Темур боғларидан энг чиройли ва машҳурлари қуйидагилар:
БОҒИ БАЛАНД. Соҳибқирон Самарқанд Шимолидаги Чўпонота мақбараси яқинида (ҳозирги аэропорт атрофи) набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Уни барпо қилишида Эрон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар боғчилик санъати усталари ҳамда меъморлари қатнашган. Боғ ўртасида Табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли қаср бўлиб, унинг атрофидаги узумлар, анжирзор ва олмазорлар боққа гўзал бир тароват бахш этиб турган.
БОҒИ БЕҲИШТ. 1378 йилда Соҳибқирон Самарқанднинг Ғарбида суюкли хотини Хайрунисога атаб қурдирган. Айрим ёзма манбаларда “Боғи Жаннат” номи билан аталади. Боғ ўртасидаги атрофи ҳандақ билан муҳофаза этилган сунъий тепалик устида табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли сарой бўлган. Саройга бир неча кўтарма кўприклар орқали кирилган. Бу боғнинг бир тарафида ҳайвонот боғи бўлиб, турли хил ҳайвонлар сақланган.
БОҒИ ДАВЛАТОБОД. Бу боғ Самарқанддан 13 км Жанубда, ҳозирги катта Ўзбекистон трактининг чап томонида бўлган. Амир Темур бу боғда зафарли юришлардан қайтгач, дам олган, хорижий элчиларни қабул қилган. Унда ариқлар, тўртта ҳовуз, катта сарой бўлган. Сарой сунъий тепа устига қурилган, атрофи ҳандақ билан ўралган. Унга иккита кўтарма кўприк орқали кирилган.
БОҒИ ДИЛКУШО. (Кўнгил очувчи боғ) 1397 йилда Амир Темур хотинларидан бири Тукалхоним шарафига қурилган. Бу боғ Самарқанддан 5 км Шарқда, Панжакент йўлининг ўнг томонида (қадимий Хиждувон қишлоғи ўрнида) жойлашган. Ҳар тарафи 900 метр узунликдаги баланд пахса девор билан ўралган. Боғнинг тўртта дарвозаси марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган. Сарой деворларига Соҳибқирон олиб борган урушлардан лавҳалар чизиб қўйилган. Бу боғ ўрнида ҳозирги кунда Дилкушо қишлоғи жойлашган.
БОҒИ  ЖАҲОННОМА (Жаҳон кўзгуси). Амир Темур Самарқанддан етти фарсах (42 км) нарида, Зарафшон тоғи этагида қурдирган (тахминан Ургут туманида). Унда сарой ва қалъа бўлган. Боғнинг ҳудуди жуда ҳам катта бўлиб, йўқолиб қолган от 6 ойдан сўнг топилган экан.
БОҒИ МАЙДОН. Чўпонота тепалиги этагида, Самарқанднинг шимолида жойлашган. Тарихий манбаларга қараганда, боғда ҳашаматли бир айвон (кўшк) ва қимматбаҳо тошлардан ясалган тахт бўлган. Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек бу боғни янада обод қилган. Бу боғ ўрни ҳозир ҳам Боғи Майдон деб аталади.
БОҒИ НАВ (янги боғ). Бу боғни 1404 йилда Амир Темур Самарқанднинг Жанубида қурдирган. Лолазор қишлоғи ўрнида жойлашган. Бу боғ тўртбурчак шаклида бўлиб, атрофи баланд пахса девор билан ўралган, ҳар бурчагида минора қад кўтариб турган. Марказида бошқа боғлардагига нисбатан каттароқ қаср, унинг олдида катта ҳовуз бўлган.
БОҒИ ЧИНОР. Амир Темур Самарқанднинг Шарқида (Конигилнинг жанубий-ғарб тарафида, ҳозирги Қўштамғалик тепалиги ўрнида) барпо қилдирган. Унда ажойиб чинорлар кўп бўлган. Боғнинг марказида сарой жойлашган.
БОҒИ ШАМОЛ. Амир Темур 1397 йилда набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Бу боғ Самарқанднинг Ғарбида бўлган. Ундаги сарой тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар томони 1500 қадамни ташкил қилган. Деворларига мармар қопланиб, саҳни қораёғоч ва фил суягидан ишланган. Бу боғ жойлашган ҳудуд ва у ердаги ариқ ҳозир ҳам Боғи Шамол деб аталади. 
 
UZNUTS Axborot xizmati

Ассоциация Ореховодства Узбекистана

Локация Ассоциации Ореховодства Узбекистана